(+99871) 2675847
(+99871) 2675364

ҲИНДИСТОН ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ УЧУН ЙЎЛ ОЧИҚ

Чоп этилган сана: 29 October 2018

16 октябрь куни “Ўзчармсаноат” уюшмасида Ҳиндистоннинг чарм-пойабзал саноати вакиллари – чарм кийимлари, пойабзал ва чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар эгалари билан учрашув бўлиб ўтди.

East West Tanners компаниясининг таъсисчилари жаноб Mohammad Yunus ва жаноб Ehsan Ullah жорий йилнинг сентябрь ойида Москвада бўлиб ўтган “Мосшуз” халқаро кўргазма доирасида ташкил этилган ўзбек-ҳинд чарм-пойабзал саноати бизнес форуми доирасида илк марта Уюшма билан алоқа ўрнатишди. Кейинги учрашув Тошкентда "UzcharmExpo" чарм, пойабзал ва чарм маҳсулотлари кўргазмасида бўлиб ўтди, унда ҳиндистонлик тадбиркорлар Уюшма раҳбарияти билан бевосита музокара олиб бордилар. Ишлаб чиқариш инфратузилмасини чуқур ўрганиш мақсадида хорижлик ҳамкорлар учун республиканинг чармни қайта ишлаш ва пойабзал корхоналари бўйлаб бизнес-саёҳат ташкил этилди, унда маҳаллий саноатчилар билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Жорий музокаралар махсус ва модел пойабзаллари, чарм кийимлари ва аксессуарлар ишлаб чиқариш бўйича кўп тармоқли инвестицион лойиҳани амалга ошириш ташаббусининг долзарб масалаларига бағишланди, хусусан Ҳиндистон тадбиркорларини ер участкаларини ажратиш, саноат бинолари ва иншоотларини қуришда Уюшма ва банк томонидан кўрсатиладиган қўмаги, шунингдек Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ва ёрдамчи материалларни импорт қилиш имкониятлари қизиқтирди.

Бундан ташқари D'Oceanic Dolphin Apparels компанияси эгаси жаноб Mitesh Verma билан унинг чарм кийимлари ва сумкаларни ишлаб чиқариш бўйича корхонасини Ўзбекистонга кўчириш мавзусида музокаралар олиб борилди. Ҳиндистондаги бизнес тадбирлар доирасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти билан бир неча марта учрашган инвестор, лойиҳани бошлаб юбориш учун амалий харакатларга ўтишга тайёрлигини билдирди ва ўз бизнес-режасини тақдим этди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ва ушбу инвестицион ташаббусни амалга ошириш бўйича кейинги вазифалар юзасидан келишиб олдилар.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией