(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

МАҲСУЛОТЛАР МАРКИРОВКАСИ: ИННОВАЦИЯЛАР ВА БОЗОРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШ

Чоп этилган сана: 27 November 2018

Жорий йилнинг 19-23 ноябрь кунлари “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ўзстандарт” давлат стандартлаштириш ва сертификатлаштириш агентлиги, Давлат инвестиция қўмитаси ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларидан иборат бўлган Идоралараро ишчи гуруҳ Москва шаҳрида ўтказилган “Антиконтрафакт – 2018” VI-ҳалқаро форумида иштирок этдилар.

Мазкур форум қонуний бизнес ривожланиши учун қулай шароит яратиш ва мамлакатлараро “ишончли иқтисодиёт” тузишнинг барча жиҳатларини комплекс ривожлантиришга бағишланган икки томонлама учрашувларга бой бўлди, муҳокамалар ва музокаралар тегишли сессияларга бўлинган ҳолда олиб борилди. Тадбирлар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Ишчи гуруҳи солиқ қонунчилиги масалаларини муҳокама қилиш ва зарур маълумотлар олиш, шунингдек молиявий айланмалар ва интернет савдо майдончалари оммабоплигининг кескин ўсиши шароитларида муҳим ҳисобланган маҳсулотларнинг қонундан ташқари (нолегал) айланиши ҳамда рақамли тижоратнинг ривожланиши шароитларида интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашишнинг замонавий усулларини ўрганиш имкониятларига эга бўлди.

Ушбу форумда Россия Федерацияси ва МДҲ давлатлари ҳудудида маҳсулотларнинг рақамли маркировкаси ягона тизимини жорий қилиш масаласи алоҳида ва муҳим масалалардан бири бўлди, шунингдек ушбу тизимни жорий қилишдан бизнес, давлат ва истеъмолчилар кўрадиган афзалликлар батафсил ёритиб берилди. Форум иштирокчилари мазкур тизим бозорни техник тартибга солиш, истеъмол бозорида маҳсулотларни сохталаштириш ва ноқонуний айланмасига қарши курашиш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ягона самарадор инструменти эканлиги тўғрисида мухстасар фикрга келдилар.

Шунингдек Ўзбекистон вакиллари Россия Федерациясининг Федерал солиқ хизмати, Федерал божхона хизмати, Техник тартибга солиш ва метрология федерал агентлиги, Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази, Россия мўйначилик уюшмаси, шунингдек Миллий пойабзал уюшмаси ҳамда Чакана савдо компаниялари уюшмаси раҳбарияти, “Снежная королева” компанияси раҳбари В.Исаев билан самарали учрашувлар ўтказишди. Мазкур учрашувларда Россиялик ҳамкорлар ва ҳамкасблар пойабзал ва мўйна маҳсулотларини маркировкалаш, хусусан электрон чип усули билан маркировкалаш масалалари бўйича маслаҳатлар беришди ва пойабзал маҳсулотларини маркировкалаш бўйича амалга оширилаётган тажриба лойиҳасининг дастлабки натижалари билан таништириб ўтишди, шунингдек Ўзбекистон пойабзал ва мўйначилик корхоналарининг Россия бозорига кириши учун импорт маркировкаларини олиш ва товарлар маркировкасига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш усуллари тўғрисида ўзаро ўртоқлашишди. Шу билан бирга QR ва DATA MATRIX кодларини ўқиш учун мўлжалланган зарур техник ускуналарни ўрнатиш ва уларни касса аппаратлари билан мувофиқлаштиришда турли хатарларни минималлаштириш мақсадида ушбу жараёнларга Россиялик мутахассисларни жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

“Кари”, “Спортмастер”, “Московская обувная фабрика”, “Парижская коммуна”, “ZENDEN Group” ва “Analpa” компаниялари раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувларда Россиялик тадбиркорлар пойабзал маҳсулотларини маркировкалаш бўйича амалга оширилаётган тажриба лойиҳаси ҳамда уни ишлаб чиқариш жараёнларида қўллашнинг натижалари билан ўртоқлашишди.

Юқорида санаб ўтилган тадбирлар натижаларига кўра Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пойабзал маҳсулотларини маркировкалаш тизимини амалга ошириш ва ишга тушириш, 2018 йилда Россия платформаси билан интеграциялаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Соҳанинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш ва маҳаллий пойабзал ишлаб чиқарувчи компаниялар учун салоҳиятли ва истиқболли ҳисобланган Россия бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией