(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

Миллий маҳсулотни Афғонистонга тарғиб қилиш имконияти уфқлари кенгаймоқда: Термизда ташкил этилган янги мунтазам кўргазма-ярмарка фаолиятида “Ўзчармсаноат” уюшмаси фаол иштироки давом эттирилади

Чоп этилган сана: 26 April 2019

Давлатимиз раҳбари бошчилигида 2019 йил 16 апрелда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ўтказилган, савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ва жадал ривожлантиришга бағишланган йиғилишда тегишли вазирликлар ва идораларга, шу жумладан, “Ўзчармсаноат” уюшмасига берилган топшириқдан келиб чиқиб, ташқи савдо алоқалари самарадорлигини оширишга, хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинишига, яъни ушбу қўшни мамлакат вакиллари томонидан импорт қилинишига замонавий услубда кўмаклашувчи объект – “Termez-Cargo” логистика маркази негизидаги, кўргазма ва ярмарка иши (сотиш) иши учун ихтисослашган, жумладан, шоу-рум хоналарини ўз ичига олган ўзига хос савдо уйи ташкил этилди. Қўшни мамлакатнинг кўплаб вакиллари чарм-пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари борасида олдиндан алоҳида қизиқиш ва талаблари билдириб келганликлари инобатга олинса, “Ўзчармсаноат” уюшмаси тизимининг кўргазма ва сотиш хоналари дастлабки кунлардан ташриф буюрувчилар билан гавжум бўлганлигини қўшимча изоҳлашга ҳожат йўқ.

Географик жиҳатдан яқинлик, ривожлантирилаётган логистика инфратузилмаси ва бошқа омиллар икки мамлакат ўртасида тарихан мавжуд иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, жумладан, истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириб бориш имкониятини тақдим қилади, юқорида таъкидланган ташаббус эса ушбу жараёнда ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.

Термиз шаҳрида жорий йил 19 апрелида очилган мазкур кўргазма ва ярмарка залида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларининг кенг кўламдаги маҳсулотлари намуналари, шу жумладан, турли мақсадларга мўлжалланган (масалан, классик кўринишдаги, спорт тоифасидаги ва кундалик кийишга мос бўлган) ва ҳар хил моделдаги пойабзаллар, махсус оёқ кийимлар, спорт анжомлари ва аксессуарлар ушбу минтақада савдо учун тақдим этилди.

Ушбу кўргазма залининг ташкил этилиши, асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пойабзал маҳсулотларини Афғонистон Республикасида фаол равишда тарғиб килишга хизмат қилади. Бу ўринда мамлакатимиз чарм-пойабзал соҳаси ишлаб чиқарувчилари учун ўз-ўзини ривожлантириш борасидаги қўшимча туртки бўлиб хизмат қиладиган омиллардан бири сифатида таъкидлаб ўтиш мумкинки, айнан ташқи харидорларнинг буюртмаларидан келиб чиққан ҳолда чарм-пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини ва сир-асрорларини ўзлаштириш, самарадорлик масаласида мутлақо янги форматларда пухта ва доимий иш олиб бориш шароити вужудга келадики, бу эса, албатта, тараққиёт учун хизмат қилмай қолмайди!

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией