(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

САРДОР УМУРЗАКОВ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ САВДО ВАЗИРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

Чоп этилган сана: 28 Январь 2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги Фармони билан “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимида фаолият юритган Умурзаков Сардор Уктамович Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланди.


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи савдо вазирлигининг қўшилиши орқали ташкил этилмоқда.


С.Умурзаков “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимида ишлаган даврда мазкур тармоқда олиб борилган тизимли ислоҳотлар эвазига қисқа вақт ичида чарм-пойабзал, мўйначилик ва жунни қайта ишлаш соҳаларида бир қатор аҳамиятга молик натижаларга эришилди: мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янги корхоналарни ишга тушириш бўйича 130 та лойиҳани ўз ичига олган кенг кўламли инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилда олдинги йилга нисбатан: пойабзалнинг айрим сегментлари бўйича 5,4 баробарга, чарм-атторлик маҳсулотлари бўйича 2 баробарга ва чарм бўйича 1,5 баробарга кўпайди. 


Уюшма томонидан олиб борилган изчил ташқи савдо сиёсати соҳа бўйича экспорт ҳажмларининг 50 фоизга ўсиши ва 2018 йил якуни бўйича 151 млн. долларга етишини ҳамда бир пайтнинг ўзида импортга боғлиқлик даражасини пасайишини ҳам таъминлади: фақатгина 2017-2018 йиллардан иборат давр мобайнида тайёр пойабзал импорти 2 баробар қисқаришига эришилди. Бундан ташқари, аввалам бор миллий маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш ва тизимли равишда иштирок этилган халқаро кўргазмалар ва анжуманлар давомида МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатларининг етакчи буюртмачилари билан ўрнатилган мустаҳкам алоқалар эвазига экспорт кўрсаткичларини 2023 йилга келиб 500 млн. долларгача, 2027 йилда 1 млрд. долларгача етказиш учун пойдевор яратилди.

 

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда соҳа корхоналарининг кўп минг сонли жамоаси С.Умурзаковни тайинлов билан самимий табриклайди ва республикамизнинг инвестиция ва савдо-иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш йўлидаги келгуси фаолиятида янги марралар ва чўққиларни забт этишда улкан ютуқлар тилайди, шу билан бирга, С.Умурзаков “Ўзчармсаноат” уюшмаси Кенгаши раиси сифатида иқтисодиётнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган мувофиқлаштирувчи фаолиятини ўзининг шахсий маъсулияти доирасида сақлаб қолишини эътиборга олиб, саноатнинг мазкур тармоқларини ривожлантириш бўйича эришилган натижаларни янада юксалтиришда бор имкониятларини ва куч-ғайратларини сафарбар қилишга тайёрлигини ифода этади!

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией