(+99871) 2675847
(+99871) 2675364

СОҲАДАГИ ЎЗБЕК-ИТАЛИЯ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ СТРАТЕГИЯСИ

Чоп этилган сана: 22 October 2018

Жорий йилнинг 8 октябрь куни “Италия-Ўзбекистон” савдо палатасининг президенти жаноб Luigi Iperti билан учрашув бўлиб ўтди. 
Аввало, италиялик меҳмонлар Ўзбекистонда "Ўзчармсаноат" уюшмаси кўмагида руёбга чиқарилаётган чарм хом ашёсини қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш дастурининг кўлами ва аҳамияти ҳамда мазкур лойхаларни амалга оширишда Италиянинг 18 та корхонасида ишлаб чиқарилган технологик ускуналаридан фойдаланилаётгани юқори баҳолашди. Ушбу Дастур Ўзбек-Италия бизнес муносабатларини ривожлантиришда улкан ютуқ ва уларни янада кенгайтириш учун қулай шароитларнинг тимсоли ҳисобланади.

Бундан ташқари, пойабзал, чарм маҳсулотлари, фурнитура ва бутловчиларни ишлаб чиқариш бўйича 118 та лойиҳадан ташкил топган  дастур республикамиз чарм-пойабзал саноатини жадал трансформация қилишнинг кейинги қадами ҳисобланиб Италия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун кенг истиқболларини очиб бермоқда.

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмасининг Италиянинг технологик коллежлари, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари дизайни мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам таклиф этилди. Уюшма ҳозирда Нортгэмптон университети (Буюк Британия) ва Эгей университети (Туркия) билан айнан шу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу Ўзбекистон талабаларининг хорижда таълим олишлари, уюшма қошидаги ўқув марказида маҳорат тренинглари ва дарслари, малака ошириш курслари ташкиллаштирилишини англатади.

Томонлар сохадаги технологик тараққиёт даражаси параллел ўсиши ва тезкор касб-ҳунар таълимининг мақсадли дастурлари республикамизда чарм маҳсулотлари, яъни оммавий истеъмол молларидан бошлаб "luxury" сегментигача бўлган товарларнинг ички бозорини комплекс равишда ривожлантиришга имкон беришини таъкидлашди.

Учрашув давомида жаноб Iperti “Ўзчармсаноат” делегациясини Италиянинг салоҳиятли инвесторлари, чарм маҳсулотлари, пойабзал, чарм буюмлари ва уларнинг ишлаб чиқарилиши учун технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан учрашиш ва ўзбек саноатчиларининг келгусида бизнесни ривожлантириш истиқболларини ўрганиш мақсадида Италияга ташрифини ташкил этиш таклифи билан чиқди.

Учрашув якунида томонлар мазкур ташаббуснинг ташкилий жихатлари устидан иш олиб борадиган “Италия-Ўзбекистон” савдо палатаси ва “Ўзчармсаноат” уюшмаси вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳни ташкил этишга келишиб олдилар.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией