(+99871) 2684066
(+99871) 2675364

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИ ДОИРАСИДА “ЎЗЧАРМСАНОАТ” УЮШМАСИНИНГ ТАҚДИМОТИ

Чоп этилган сана: 15 Декабрь 2018

2018 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти 2019 йилда амалга оширилиши режалаштирилган тармоқ лойиҳалари ҳақида батафсил маълумотларни  тақдим этди. Шунингдек, Уюшманинг 2018 йилдаги фаолияти ҳам таҳлил қилинди: тармоқда иккита катта кўламдаги инвестицион дастурни амалга ошириш оралиқ якунлари бўйича иқтисодий кўрсаткичларни тубдан оширишга эришилди. Мисол учун пойабзаллар ишлаб чиқариш ҳажми мамлакат миқёсида 5 бараварга оширилди. Бу эса ўз навбатида бир-бирига мутаносиб тарзда бошқа мамлакатлар бозорларига пойабзаллар экспортининг ўсишига ва импортнинг 1,7 баравар камайишига олиб келди. Бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам худди шундай кўрсаткичларга эришилган.

Қашқадарё вилоятидаги лойиҳалар ҳақида гап кетганда, “Марко” Белорусь пойабзал фабрикаси билан ҳамкорликда махсус, болалар ва урфга кирган пойабзалларни  ишлаб чиқариш бўйича  уч босқичли инвестицион лойиҳа  йирик муваффақият билан амалга оширилганини айтиш мумкин. Бундан ташқари Қашқадарё вилояти тез кунларда йирик чарм маҳсулотлари кластерига айланиши мумкин. 2019 йил охиригача тери маҳсулотларини энг юқори 3-даражагача қайта ишлаб етказишга йўналтирилган, тери маҳсулотларини қайта ишловчи «Qarshi Leather» корхонаси ишга туширилади. Ўз навбатида яқин 3 ойда ҳудудда бирдагина 2 та чарм-атторлик  корхонасининг очилиши тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ошириш учун имконият яратади. Жунни автоматлаштирилган тартибда қайта ишлаш бўйича инновацион лойиҳа ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Унга кўра корхона хом ашёни ювиш, қуритиш ва пресслаш ишларини амалга оширади ҳамда тайёр маҳсулотни тўқимачилик корхоналарига етказиб беради.    

Уюшма тақдимоти мобайнида мамлакат Президенти томонидан ишлаб чиқаришни кетма-кет ошириб боришда минтақа ичида инвестициявий ташаббусларни ҳудудий жиҳатдан тўғри тақсимлашнинг муҳим аҳамияти, аҳолини иш жойлари билан таъминлаш зарурияти таъкидланди. Шунингдек, мўйначилик ва чарм маҳсулотлари ҳамда пойабзаллар тармоғида ишлаб чиқариш ва экспортнинг умумий ҳажмида тайёр маҳсулотларнинг улушини оширишга  имкон қадар барча кучни  йўналтиришга топшириқ берилди.

Бизнинг сайтимизни баҳоланг

Сайт разработан дизайн - студией